Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Сабоқни ноқонуний йўлини танлаган эр

Наманган вилояти. Наманган тумани Қўрғонча-2 кўчасида яшовчи 34 ёшли Т.Х. ички ишлар органларининг “102” қисқа рақамига мурожаат қилиб, унда жорий йилнинг 13 февраль кунига ўтар кечаси номаълум шахс унинг яшаш хонадонига девор ошиш йўли билан ғайриқонуний равишда кириб, ётоқхонасидаги ётоқ дивани остида сақлаётган 6 млн. сўм пулларини яширин равишда ўғирлаб кетганлигини маълум қилиб, номаълум шахсга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур ҳолат юзасидан Наманган тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “г” банди (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган дастлабки тергов давомида, ушбу жиноятни ҳеч ким содир этмаганлиги, аксинча уни хонадон эгаси Т.Х. режа асосида қасддан ўзи уюштирганлиги, бунга сабаб қилиб, бирга яшовчи турмуш ўртоғи унинг рухсатисиз пулларини олиб қўяётганлиги учун уни қўрқитиб қўймоқчи бўлиб ИИБга ёлғон хабар берганлиги аниқланган.

Мазкур жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “г” бандидан 237-моддаси 1-қисми (ёлғон хабар бериш)га қайта малакаланиб, шу кунинг ўзидаёқ Т.Х. гумонланувчи тариқасида жиноят ишига жалб қилинган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Text to speech