Нархи 1 850 000 сўмлик Трамадол
Навоий вилояти. 2021 йилнинг 02 апрель куни соат 16:55да Зарафшон шаҳар ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро М.Шодимурод психотроп моддани қонунга хилоф равишда ўтказиш мақсадини кўзлаб, Зарафшон шаҳар Мираж-2 дала ҳовли жамиятида жойлашган хонадонда шартли равишда мижоз сифатида жалб қилинган фуқароларга соф вазни 1,90 грамм бўлган 5 дона «Трамадол» психотроп моддаларни 1 850 000 сўм эвазига сотган вақтида ушланган.
Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, М.Шодимурод 5 дона «Трамадол» психотроп моддаларни таниши 58 ёшли Ш.Зарифдан олганлиги, у эса шифокор рецепти асосида дорихонадан сотиб олганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Зарафшон шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан М.Шодимуродга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда сотиш ) билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланган.
Жиноят иши доирасида фуқаро Ш.Зарифнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади.
Ҳозирда тергов давом этмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бу турдаги жиноятлар учун Жиноят кодекси нормаларига кўра, 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти