16 қоп буғдой кепагини ўғирлаган “ўғри”
Хоразм вилояти. 2021 йилнинг 21 февраль куни соат 23:40 ларда 18 ёшли Сарварбек А., Ҳазорасп тумани Саноат қишлоғида яшовчи 41 ёшли Сапарбой Д.,га тегишли бўлган омборхонага калит танлаш йўли билан ғайриқонуний равишда кириб, жами 848 000 сўмлик 16 қоп чорва моллари учун мўлжалланган буғдой кепагини яширин равишда ўғирлаб кетаётганида ашёвий далиллар билан ушланган.
Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасида, мазкур жиноятни содир қилган Сарварбек А., муқаддам ўғрилик жиноятлари учун судланганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ҳазорасп тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан Сарварбек А.,га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти