Расмий маълумот: ижтимоий тармоқларда Фарғонада йигит вояга етмаган қизни урганлиги ҳолати юзасидан
Фарғона. 2020 йилнинг 31 май куни 22 ёшли Н.Қ., Фарғона шаҳар Юксалиш кўчасида жойлашган И.Каримов номли санъат саройи рўпарасидаги йўлнинг четида ҳаракатланиб кетаётган вақтида, шу ерда ит етаклаб кетаётган фуқаро вояга етмаган Е.К.(қиз), билан ўзаро гап талашиб жанжаллашганлиги оқибатида, Н.Қ., қизнинг юз қисмига қўли билан уриб тан жароҳати етказган. Натижада Е.К., тан жароҳати олиб, шифохонага мурожаат қилган.
Суд-тиббий экспертизанинг хулосасида, Е.К.,нинг танасида “юзининг ўнг томонидаги юмшоқ тўқималарини лат ейиши, пастки жағ суягини ўнг бурчаги соҳасидан синиб силжиши” каби жароҳатлар аниқланиб, соғлиқнинг узоқ муддатга бузилшига олиб келадиган “ЎРТАЧА” оғирликдаги шикастлар тоифасига кириши кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан 16.06.2020 йилда Фарғона шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан фуқаро Н.Қ., га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 105-моддаси 1-қисми(қасддан баданга ўртача оғирликдаги шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов харакатларига киришилган.
Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлган яъни “Н.Қ., ўзи билан бирга 30-40 нафар танишларини йиғиб келганлиги, Н.Қ., фуқаро Е.К.,га тан жароҳати етказган вақтида, кўпчилик уни орқасида тўпланиб турганлиги” каби маълумотлар ва жабрланувчи ҳамда бошқаларнинг барча важлари тергов жараёнида тўлиқ текширилиб, ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади. Ушбу жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатларини ҳар томонлама тўла ва холисона ўтказилиши Тергов департаменти томонидан алоҳида назоратга олинди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти