Безорилик содир этаётган аёл, жабрланувчининг қулоғини тишлаб олди
Тошкент вилояти. 2022 йил 15 январь куни соат 20:00 ларда, муқаддам бир неча маротаба судланган 31 ёшли Д.Ф. Оҳангарон туман Эйвалек МФЙ 6-уй олдида бўла туриб, жамиятда юриш туриш қоидаларини қасддан менсимасдан шу уйда яшовчи ўзига нотаниш 34 ёшли Н.И. билан жанжаллашиб, унинг сочидан тортган вақтда, аёлнинг безорилик ҳаракатларини кўриб, унга чек қўймоқчи бўлган яна 3 нафар қўшниларига ҳам фаол қаршилик кўрсатиб, Н.И.,ни чап қулоғини тишлаб, унга тан жароҳатлари етказганлиги аниқланган.
Судга оид тиббий экспертиза хулосасида Н.И.,да енгил турдаги тан жароҳатлари мавжудлиги кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Оҳангарон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Д.Ф.,га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “г” банди (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Тергов ҳаракатлари давомида ушбу жанжалнинг келиб чиқиш сабаблари аниқланиб ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бу турдаги жиноятлар учун Жиноят кодексида 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти