“Бочка”да психотроп моддасини сотаётган шахс тезкор-тадбир давомида ушланди
Тошкент вилояти. 2022 йил 5 апрель куни соат 11:30 ларда Тошкент вилояти ИИББ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси Тоғли чегара тезкор хизмат бўлими ходимлари ва Бўстонлиқ тумани ИИБ Жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор-қидирув тадбири давомида, 30 ёшли М.Ж. ва 23 ёшли М.Т.лар Бўстонлиқ тумани Чорбоғ қўрғонида жойлашган “Бочка” кафесининг овқатланиш шахобчасининг автотураргоҳида ушбу тадбирга шартли равишда харидор сифатида жалб қилинган фуқарога 800 минг сўм пул эвазига “Соль” Альфа-ПВП моддасини сотган вақтида тезкор-тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Суд-кимёвий экспертизаси хулосасида тезкор-тадбир давомида шартли равишда харидор сифатида жалб қилинган фуқародан олинган сариқ рангли резина қопчада бўлган оғзи маҳкамланадиган полимер пакетчани ичидаги оқ-сариқ рангли ялтироқ кристалл-кукунсимон модданинг таркибида альфа-пирролидиновалерофенон (а-РVР) моддаси мавжуд бўлиб, унинг соф оғирлиги 0,101764 граммни ташкил этиши аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бўстонлиқ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан юқоридаги шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 273-моддаси 3-қисми “б” банди (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб кўп бўлмаган миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланганлар.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бу турдаги жиноятлар учун Жиноят кодексининг нормаларига кўра, 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти