“Гашиш”нинг асл эгаси ҳам ушланди
Андижон вилояти. 2021 йилнинг 12 апрель куни вилоят ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-тадбир давомида, Жалақудуқ тумани марказида жойлашган “Ишонч кредит” савдо дўкони олдида фуқаро 36 ёшли Д.Алишер шартли равишда мижоз сифатида жалб қилинган фуқарога 500.000 сўм эвазига соф оғирлиги 3.95 грамм бўлган “гашиш” гиёҳванд моддасини сотган вақтида ушланиб, ушбу гиёҳванд моддани Жалақудуқ тумани Наъмуна маҳалласида яшовчи 36 ёшли Р.Фаррухбекдан сотиб олганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жалақудуқ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Д.Алишер ва Р.Фаррухбекларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланганлар.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бу турдаги жиноятлар учун Жиноят кодексининг нормаларига кўра, 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти