Ярим соатлик сайирнинг оқибати 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш бўлиши мумкин
Наманган вилояти. 2023 йил 02 апрель куни “Зарафшон” МФЙда яшовчи 66 ёшли С.Н. Наманган вилояти ИИБнинг “102” қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, унда шу куни соат 01:00ларда номаълум шахс унга тегишли бўлган “ВАЗ-2106” русумли автомашинасини яшаш хонадони олдида қаровсиз эшиклари очиқ ва калити ўзида қолдириб кетганлигидан фойдаланиб, олиб қочиб кетганлиги маълум қилиб, автомашинасини топишда амалий ёрдам беришни ҳамда номаълум шахсга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Олиб борилган тергов-тезкор ишлари натижасида мазкур автомашина Наманган шаҳрида жойлашган жарима майдонига жойлаштирилганлиги маълум бўлиб, ушбу ҳолатга аниқлик киритилганда жорий йилнинг 02 апрель куни соат 01:30да мазкур автомашина Наманган вилояти ИИБ ЙПХ инспектори томонидан тўхтатилганида ҳайдовчи автомашинани тегишли ҳужжатларсиз бошқариб юрганлиги сабабли жарима майдонига жойлаштирилганлиги аниқланган.
Қонунбузарларнинг шахсларига аниқлик киритилганда улар вояга етмаган 16 ёшли А.И. ўзининг таниши вояга етмаган 16 ёшли Ю.И. билан олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳга бирлашиб мазкур жиноятни содир этганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Наманган шаҳар бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан вояга етмаган А.И. ва Ю.И.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 267-моддаси 2-қисми “Б” банди (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши доирасида гумонланувчилар сўроқ қилинганида, улар ушбу автомашина эгасининг невараси билан бирга уқишларини ва унинг бобосининг эски автомашинасининг эшиклари қулфамаслигини била туриб, ушбу автомашинада шунчаки сайр қилиб келишмоқчи бўлганлигини баён этишган.
Таъкидлаш жоизки, Жиноят кодексининг нормаларига кўра, жиноятни содир этган шахс 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти