Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Косонсой туманидаги фермер хўжалиги ишчилари маҳаллий аҳоли томонидан калтакланди  

Наманган вилояти. 2021 йилнинг 17 март куни соат 12:30 ларда 24 ёшли Тоҳир Б., 34 ёшли Махмуд О., лар Косонсой тумани Ўзбекистон МФЙ., ҳудудида жойлашган боғдорчиликка асосланган фермер хўжалигига келиб, ушбу хўжалик директори 55 ёшли Камол М., ҳамда ишчилари 26 ёшли Муроджон Р., 34 ёшли Сардор Қ., 47 ёшли Алишер Х., 28 ёшли Жахонгир Х., 39 ёшли Араббой Т.,ларни ҳеч бир сабабсиз уриб, уларга турли даражада тан жарохатлари етказиб, фермер хўжалиги ишчиларига тегишли бўлган “Nexia-3”, “Niva”, “Hyundai”, “Merсedes-benz” русумли автомашиналари, “Samsung” русумли эксковатор, фермер хўжалигининг дала шийпони ойналарини тош билан уриб шикастлаганлар.

Мазкур ҳолат юзасидан Косонсой туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Тоҳир Б., ва Махмуд О.,ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “г” банди (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида, ушбу фермер хўжалигининг директори Камол М.,нинг олдига Ўзбекистон МФЙ.,да яшовчи фуқаролар Дилфуза У., ва унинг синглиси Нигора У.,лар келиб, гўёки маҳалладаги ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олаётганлигини рўкач қилиб, у билан низолашиб, бу ҳақида Ўзбекистон МФЙ.,да яшовчи бошқа фуқароларга бориб айтиб, ўзлари билан 50-60 нафар аёл ва эркакларни фермер хўжалигининг ер майдонига бошлаб келишлари натижасида ушбу жиноят содир этилганлиги аниқланган.

Жиноят иши доирасида барча фуқароларнинг шахси аниқланиб, уларнинг ҳар бирининг хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо берилиши таъминланади.

 

 Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech