“Маҳалланинг боллари”
Фарғона вилояти. 2021 йилнинг 18 апрель куни соат 19:30 ларда 21 ёшли М.Аҳлиддин ва Т.Исмоилжонлар Риштон тумани Чек Насриддин маҳалласига танишининг олдига келган 22 ёшли Т.Жавлонбекни “маҳалладаги қизларни олдига нега келдинг?” деб, уни ҳеч бир сабабсиз юзига уриб, ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиб, эгнидаги жами нархи 200 000 сўмлик курткаси ва бир жуфт оёқ кийими, нархи 1 000 000 сўмлик “Alcatel” русумли телефон аппаратини очиқдан-очиқ талон-торож қилиб ҳодиса жойидан яширинганлар.
Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, М.Аҳлиддин ва Т.Исмоилжонлар процессуал тартибда ушланиб, улардан куртка, бир жуфт эркаклар оёқ кийими ва бир дона, “Alcatel” русумли телефон аппарати ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Риштон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан М.Аҳлиддин ва Т.Исмоилжонларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми “в” банди (Талончилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бу турдаги жиноятлар учун Жиноят кодексининг нормаларига кўра, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти