Музработ бозорида “Дамас” автомашинасини олиб қочган шахс ушланди
Сурхондарё вилояти. 2021 йилнинг 11 апрель куни фуқаро 37 ёшли Тошпўлат М., Музработ туман ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, унда шу куни соат 07:30 да ўзига тегишли “Дамас” русумли автомашинасини “Музработ” деҳқон бозорининг ёнида қулфланган ҳолатда қолдириб, соат 11:30 да бозорлик қилиб қайтиб чиққанида автомашинаси жойида йўқлигини маълум қилган.
Олиб борилган тезкор-қидирув ҳаракатлари ва вилоят миқёсида эълон қилинган тўсиб ушлаш тадбири жараёнида, ушбу автомашина 2021 йил 12 апрель куни тунги соат 01:30 да Ангор тумани ҳудудида шикастланган ва эҳтиёт қисмлари ечиб олинган ҳолатда топилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Музработ туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (Транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари давомида, ушбу жиноятни содир қилган 22 ёшли Сафармурод Э., ушланиб, у автомашинанинг эшигини 50 см.ли сим ёрдамида очиб, автомашина симларини туташтириш орқали ҳаракатга келтириб, ўзига тегишли автомашинасининг эҳтиёт қисмларини янгилаш мақсадида, ушбу автомашинани олиб қочиб, эҳтиёт қисмларини ечиб олганлиги аниқланган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти