Катта миқдордаги пиротехника воситалари қўлга олинди ва жиноят иши қўзғатилди.
Самарқанд. 2019 йил 24 декабр куни тахминан соат 21:00 ларда Самарқанд вилояти ИИБ, ДХХ ва Самарқанд шаҳар ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тадбир натижасида, Самарқанд туманида яшовчи фуқаро 19 ёшли А.З. умумий баҳоси 25.000.000 сўмлик турли хилдаги пиротехника воситаларини қонунга хилоф равишда сотаётган вақтида ушланган ва ундан ушбу воситалар тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан А.З.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2501-моддаси 1-қисми (Пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи) билан жиноят иши қўзғатилган.
Дастлабки тергов жараёнида, олинган ушбу пиротехника воситалари А.З.га Самарқанд шаҳрида яшовчи 35 ёшли фуқаро С.Т. томонидан сотилганлиги аниқланган.
Фуқаро С.Т.нинг уйида ўтказилган тинтув жараёнида, уйнинг том ва ер тўла қисмидан умумий баҳоси 300.000.000 сўмлик ҳар хил турдаги пиротехника воситалари қонунга хилоф равишда сақланиб келаётганлиги аниқланиб, С.Т.дан тегишли тартибда расмийлаштириб олинган ва у жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган.
Ҳозирда ушбу жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти