Ҳайдовчининг чўнтагидаги ярим килограммлик "оғу" сотувга чиқиб кетиши олди олинди
Тошкент вилояти. 2021 йил 21 январь куни соат 08:30ларда Бекобод шаҳар ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбири давомида, 22 ёшли Озод Д. “ВАЗ 21011” русумли автомашинани бошқариб кетаётган вақтида, Бекобод шаҳар Ғ.Ғулом кўчасида тўхтатилиб кўздан кечирилганида, Озод Д.нинг эгнида бўлган қора рангли нимчасининг ўнг чўнтагидан тўқ кўк рангли пайпоқ ичида скотчланган ўрам борлиги аниқланиб, холислар иштирокида ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Суд кимёвий экспертизаси хулосасида, Озод Д.,дан олинган модда “опий” гиёҳвандлик воситаси эканлиги ва унинг умумий оғирлиги 501,6 граммни ташкил этганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бекобод шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Озод Д.,га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 25, 273-моддаси 5-қисми (кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситаларини сотишга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Дастлабки тергов жараёнида Озод Д.,га нисбатан айблов эълон қилинган ҳамда “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, бу турдаги жиноятлар учун Жиноят кодекси нормаларига кўра, 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти