Курсдошини ҳимоя қилмоқчи бўлдию, лекин бунинг ўрнига жиноят содир этди
Наманган вилояти. 2021 йилнинг 23 февраль куни соат 19:30 ларда вояга етмаган 17 ёшли Асрорбек Х., Наманган шаҳри «Оби Ҳаёт» МФЙ.,да жойлашган “Кичкинтойлар боғи” олдидан ўтиб кетаётган вақтида, у ерда курсдоши вояга етмаган 17 ёшли Жасурбек Т.,ни таниши 19 ёшли Анвар Н., қўли билан урганлигини кўриб, “сен нега мени лицейдошимни урдинг” деб Анвар Н.,ни юзига мушти билан уриб жароҳат етказган. Натижада Анвар Н., зарб кучидан боши билан ерга йиқилиб ҳушидан кетган ва бош мия оғир даражадаги лат ейиши, қон қуйилиши, энса суяги, бурун суяги синиши каби жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Наманган шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Асрорбек Х., га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 1- қисми (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бу турдаги жиноятлар учун Жиноят кодексининг нормаларига кўра, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти