Карантин вақтида "дам олишни" истаган фуқарога жиноят иши қўзғатилди
Тошкент вилояти. 2020 йилнинг 02 май куни Қибрай тумани ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, Қибрай тумани, “Сайёра” кўчасида истиқомат қилувчи 31 ёшли Э.А., нинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилган вақтда, хонадон томорқасидан 38 туп “каннабис” ўсимлиги экилганлиги, хонадон ҳаммоми кўздан кечирилган вақтда эса, у ердан 6 дона қоғоз бўлакларига ва 1 дона полимер пакетга солинган умумий соф оғирлиги 12,41 грамм бўлган “марихуана” гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда сақлаб келаётганлиги аниқланган, бундан ташқари хонадондан бир дона остки қисми кесилган 1.5 литр хажмли “баклажка” ва 2 дона ангишвона борлиги аниқланиб, холислар иштирокида ўрнатилган тартибда олинган.
Ҳолат юзасидан Қибрай тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми “а” банди ( кўп миқдорда гиёвандлик воситаларини ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, эгаллаш, ташиш ёки жўнатиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Дастлабки тергов жараёнида Э.А. жорий йилнинг феврал ойи охирларида ёввойи наша уруғларидан териб олиб, ўзи истеъмол қилиши учун уйининг томорқасида ушбу уруғларни экиб парваришлаганини маълум қилган. Тергов давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти