Транспорт воситасини олиб қочган шахс ушланди.
Тошкент вилояти. 2019 йилнинг 16 декабрь кунидан 17 декабрь кунига ўтар кечаси, тахминан соат 01:30 ларда, номаълум шахс Чирчиқ шаҳар Трансформаторчилар кўчасида фуқаро 43 ёшли С.Р. томонидан қаровсиз қолдирилган “Nexia-3” русумли автомашинасини номаълум томонга олиб қочган.
Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида, ушбу автомашина ЙТҲга учраган ҳолатда, “Тошкент-Чимён” йўлининг Чирчиқ шаҳридаги “Аранча” қўрғонидан топилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Чирчиқ шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида, ушбу жиноятни муқаддам судланган 26 ёшли А.Х. содир этганлиги аниқланиб, 2020 йилнинг 12 январь куни процессуал тартибда ушланган ва ЖКнинг 267-моддаси 2-қисми “а,г” бандлари билан ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинган. Жиноят иши айблов хулосаси билан суд муҳокамасига юборилган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти