Автомашина ювиш шаҳобчасидан транспорт воситаси олиб қочилди
Фарғона. 2020 йилнинг 11 июнь куни Фарғона шаҳар Фаробий кўчасида яшовчи 33 ёшли С.К., Олтиариқ тумани ИИБ, га қўнғироқ қилиб, шу куни соат 14:00 да Олтиариқ тумани Шарқ МФЙ ҳудудида жойлашган автомобилларни ювиш шаҳобчасига ўзига тегишли бўлган “Nexia-3” русумли автомашинани ювдириш учун қолдириб, соат 15:30 да автомашинасини олиб кетиш учун келган вақтида автомашина жойида йўқ эканлигини билдирган.
Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида С.К., га тегишли “Nexia-3” русумли автомашина Фарғона шаҳар Ал-Хоразмий МФЙ ҳудудидан топилиб, автомашинани 38 ёшли О.Ф., олиб қочганлиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан Олтиариқ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов жараёнида О.Ф., гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган.
Ҳурматли фуқаролар юқоридаги каби жиноятларнинг олдини олиш мақсадида бошқарувингиздаги транспорт воситаларини дўкон олдида, автомашиналарни ювиш шаҳобчасида ёки бошқа жойларда қаровсиз қолдириб кетманг, эҳтиёт бўлинг.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти