Наманганда ҳайдовчи пиёдани уриб юбориб, ҳодиса жойидан қочиб кетди.
Наманган. 2020 йил 10 февраль куни соат тахминан 21:00 да Чортоқ-Калишох-Хазратшоҳ 4Р-119 автомобиль йўлининг Чортоқ тумани Тинчлик кўчасидан ўтган 20 км.да номаълум автомашина ҳайдовчиси йўлнинг ўнг четида ҳаракатланиб кетаётган пиёда 62 ёшли О.Қ.,ни уриб юбориб, ҳодиса жойидан қочиб яширинган. Оқибатда О.Қ. олган тан жароҳатлари туфайли ҳодиса жойида вафот этган.
Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ушбу жиноятни Чортоқ туманида яшовчи 27 ёшли М.А. ўзининг бошқарувидаги “Nexia” русумли автомашинасида содир этганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Чортоқ туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан М.А.,га нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) ва 117-моддаси 2-қисми (Хавф остида қолдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти