Аввал яқин бўлиб, сўнг товламачилик қилди
Андижон вилояти. 2021 йилнинг 26 февраль куни 17 ёшли Оматой Т.,нинг аризасига кўра, вилоят ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, 21 ёшли Сардор А., таниши Оматой Т.,нинг сир сақланиши лозим бўлган фотосуратларини “Instagram”, “Facebook” ва бошқа ижтимоий тармоқларга жойламаслиги эвазига 1.000 АҚШ доллари талаб қилиб, Андижон шаҳар Бобуршоҳ кўчаси ҳудудида Оматой Т.,дан талаб қилинган пулдан 500 АҚШ доллари пул маблағларини товламачилик йўли билан олаётган вақтида ушланиб, ушбу пуллар ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Андижон шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Сардор А.,га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (Товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган.
Ҳозирда тергов давом этмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Жиноят кодексининг нормаларига кўра, жиноятни содир этган шахс 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти