Ер тўладан ов милтиғи топилди
Тошкент вилояти. 2021 йилнинг 02 май куни соат 13:30 ларда Бекобод тумани ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида, Бекобод тумани Деҳқонобод маҳалласида яшовчи 36 ёшли Ў.Садриддиннинг яшаш хонадони ва ёрдамчи хўжалик хоналари кўздан кечирилганида хонадон ички ер тўласидан бир дона силлиқ стволли икки оғизли ов милтиғи борлиги аниқланиб, холислар иштирокида ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Суд-баллистик экспертизасининг хулосасида ушбу ов милтиғи 1948 йилларда Россиянинг Тула заводида ишлаб чиқарилганлиги ва отиш учун яроқлилиги кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бекобод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 248-моддаси 1-қисми (қурол, ўқ-дориларга қонунга хилоф равишда эгалик қилиш, тегишли рухсатномасиз ўқотар қурол, ўқ-дорилар сақлаш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши доирасида мазкур ов милтиғининг келиб чиқиш манбаи ўрганилиб, ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти