Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
Следственный Департамент при Министерстве Внутренних дел Республики Узбекистан

майор Улуғбек Ҳамдамов

Улуғбек Ҳамдамов 1987 йили Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрида туғилган. Тошкент олий ҳарбий техника билим юртида ҳарбий хизматни ўтаган. 2008–2012 йилларда ИИВ Академиясида таълим олган. Хизмат фаолиятини 2012 йили Самарқанд шаҳар ИИБ тергов бўлими терговчиси лавозимидан бошлаган. Кейинчалик Иштихон тумани ИИБ тергов бўлинмаси катта терговчиси, Самарқанд вилояти ИИБ Тергов бошқармаси катта терговчиси вазифаларида фаолият юритган. 2018 йилдан ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментида катта терговчи лавозимида хизмат қилиб келмоқда.

У ИИВ тергов бўлинмалари ўртасида республика миқёсида ўтказилган танловларда муваффақиятли иштирок этган. Хизмат фаолияти давомида юксак касб маҳоратини намоён этгани учун вазирлик фахрий ёрлиғи билан мукофотланган.

Майор Улуғбек Ҳамдамов фаолияти давомида оғир ва ўта оғир жиноят ишларини намунали тергов қилиб, жиноятчиликка қарши курашда ўзининг юқори касб маҳоратини намоён этиб келмоқда.

– Терговчининг иши оғир, деб ўйлашади, – дейди у. – Аслида, ҳамма касбнинг ҳам ўзига хос қийинчиликлари бор. Агар инсон ўз касбини севса, ишининг оғирликларини сезмайди. Меҳнати унга завқ бағишлайди. Қолаверса, ички ишлар органи ходими бўлиш, жиноятчиликка қарши курашиш шарафли иш. Ички ишлар органи ходимини муваффақиятга етаклайдиган омилларга келадиган бўлсак, бу соҳа вакили эгнидаги формасини ғурур деб билиши керак. Одамлар билан самимий бўлиши, уларни эшита билиши, ҳар доим уларга ёрдам бериши лозим. Терговчи, айниқса, фидойи, садоқатли, тиришқоқ ва масъулиятли, кенг мулоҳазали, ҳар бир ишда холис бўлиш керак. Шундагина одамлар ходимга ишонади, ўз навбатида, ходим ҳам уларга суяна олади.

Улуғбек Ҳамдамовнинг спортга қизиқиши бўлакча. Мактаб давриданоқ каратэ билан шуғулланиб келади. Спортда эришган ютуқлари талайгина. Қора белбоғ I ДАН соҳиби. 2017 йили Навоий шаҳрида катталар ўртасида мутлоқ вазн тоифасида ўтказилган ХI мамлакат чемпионатида иштирок этиб, 3-ўринни эгаллаган. 2018 йили эса катталар ўртасида мутлоқ вазн тоифасида мамлакат очиқ кубогида фахрли 1-ўринни эгаллаб, диплом ва олтин медаль билан тақдирланган.

Адолат ФАЙЗИЕВА,
“Postda” мухбири.

Text to speech