Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг бешинчи саммитидаги НУТҚИ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг бешинчи саммитидаги НУТҚИ
Муҳтарам Эмомали Шарипович!
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Хонимлар ва жаноблар!
Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмонга Саммитни юксак даражада ташкил этгани учун алоҳида миннатдорлик изҳор қилмоқчиман.
Бугунги кунда Кенгаш Осиёда умумий ва бўлинмас хавфсизлик ҳудуди яратиш учун нуфузли халқаро платформа ҳисобланади.
Ҳурматли Саммит иштирокчилари!
Замонавий халқаро муносабатлар тизими тобора ортиб бораётган беқарорлик ва кутилмаган ҳодисалар билан изоҳланади.
Улкан иқтисодий ва интеллектуал салоҳиятга эга Осиё қитъаси мамлакатлари жиддий хатарларга дуч келмоқда.
Бу, аввало, экология, демография, миграция, ҳаёт ва таълим даражаси пастлиги муаммоларидир. Улар ижтимоий низоларнинг асосий манбаи, экстремизм ва терроризм мафкураси тарқалиши учун шароит яратадиган муҳитдир. Айниқса, ёшлар ўртасидаги радикаллашув жараёни ташвиш уйғотади.
Бироқ энг муҳими, бугунги кунда жаҳон ишонч инқирозига юз тутмоқда. Зеро, мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги ишонч хавфсизлик ва барқарорликнинг энг муҳим шартидир.
Барчамиз жаҳон куч марказлари ўртасида рақобат кучайиб бораётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Боз устига, айрим экспертлар, у ҳатто ошкора қуролли тўқнашувга айланиб кетиш эҳтимолини ҳам инкор этмайди.
Энг даҳшатлиси, жамоат онгида ушбу глобал хатарнинг улкан хавфини ҳис қилиш сусайиб бормоқда.
Назаримизда, ишонч инқирозини бартараф этиш ва хавфсизликни мустаҳкамлаш йўлида, биринчи навбатда, инсон капиталини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш зарур.
Шу муносабат билан ўзаро ҳурмат ва жамоавий масъулиятга асосланган кенгашимиз фаолияти ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Осиёда ишонч муҳити ва хавфсизликни янада мустаҳкамлаш учун қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш муҳим.
Биринчидан, Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш Осиё минтақасидаги барқарорликнинг муҳим омили ҳисобланади.
Биз тинчликка эришишга қаратилган ҳар қандай форматдаги музокараларни қўллаб-қувватлаймиз.
Бу борада Россия, Хитой ва Қўшма Штатлар иштирокида Афғонистон бўйича уч томонлама учрашувлар натижаларини мамнуният билан қайд этамиз.
Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва ушбу мамлакатда йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бутун минтақа учун янги стратегик имкониятлар яратишини алоҳида қайд этмоқчиман.
Иккинчидан, ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқариш учун қулай шароит яратиш, уларнинг радикаллашувига қарши курашиш ва сифатли таълим олиш имкониятларини кенгайтириш ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Бизнинг ташаббусимиз билан БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси қабул қилинган, шунингдек, Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция ишлаб чиқилмоқда.
Биз фан, таълим соҳалари ва маданий-гуманитар йўналишдаги ҳамкорликнинг мувофиқлаштирувчиси бўлишга тайёрмиз. Халқ дипломатияси доирасидаги алоқаларни, жумладан, туризм бўйича форумларни ташкил этиш орқали фаоллаштиришни муҳим деб ҳисоблаймиз. Шубҳасиз, бу халқларимиз ўртасидаги ишонч ва ўзаро англашувнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Учинчидан, динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, маърифат ва маданиятларни ўзаро бойитиш масалалари бўйича тизимли мулоқотни йўлга қўйишни таклиф қиламиз.
Хусусан, Тошкентдаги Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бунинг учун самарали платформа бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Тўртинчидан, ўзаро иқтисодий алоқалар ва минтақавий савдони ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш лозим.
Бунда, аввало, бутун минтақанинг транзит ва иқтисодий салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш имконини берадиган устувор инфратузилма лойиҳалари ҳақида сўз бормоқда.
Бешинчидан, шерикликни бизнес даражасида ривожлантириш барқарор иқтисодий тараққиёт драйвери ҳисобланади.
Ҳамкорлик концепциясига мувофиқ, ушбу соҳада Кичик бизнес бўйича минтақавий форум таъсис этишни таклиф қиламиз.
Ва ниҳоят, бугунги кунда тобора кескин тус олаётган экологик хатарлар ҳам хавфсизлик ва барқарор тараққиётга жиддий таҳдиддир. Орол муаммоси глобал миқёсдаги экологик ва гуманитар ҳалокатдир. У аллақачон Оролбўйи аҳолиси генофонди, ҳаёти ва соғлиғи билан боғлиқ аянчли оқибатларга олиб келди.
Орол инқирози оқибатларини бартараф этиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштириш лозим, деб ҳисоблаймиз.
Айни шу мақсадда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ шафелигида донорлик маблағларини жалб қилиш ва Оролбўйи минтақасида аниқ лойиҳаларни амалга ошириш учун кўп шериклик асосидаги Траст фонди ташкил этилди.
Муҳтарам делегациялар раҳбарлари!
Ҳурматли Кенгаш иштирокчилари!
Барчамиз хавфсизлик – яхлит тушунча ва ишонч эса унинг фундаментал асосиэканини яхши англаймиз.
Бу борада Осиё минтақасидаги ҳамкорликнинг мавжуд динамикасини сақлаб қолиш муҳим.
Ҳамкорликда изланиш ва ўзаро манфаатли қарорлар қабул қилиш тинчлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлаш сингари эзгу мақсадларимизга эришиш имконини беради.
Эътиборингиз учун раҳмат.