O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti
Следственный Департамент при Министерстве Внутренних дел Республики Узбекистан

“Ўзбекистон-ЕИ” парламент ҳамкорлиги қўмитасининг мажлиси

2018 йил 1 ноябрь куни Тошкентда "Ўзбекистон – Европа иттифоқи" парламент ҳамкорлиги қўмитасининг ўн тўртинчи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Европа парламенти депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, шунингдек мамлакатимиз ва чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг расмий веб-сайтида маълум қилинган.

Мажлисда тасдиқланган кун тартиби доирасида Олий Мажлис ва Европа парламенти ўртасидаги муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва уларни ривожлантириш истиқболлари, иқтисодий ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди. Бунда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларни кучайтиришга, уларнинг самарадорлигини оширишга, республикадаги инвестиция муҳитини яхшилашга, маҳсулотни бозорларга чиқаришга ва бу билан боғлиқ техник ҳамкорлик жараёнларига, транспорт соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга ҳамда инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишга, экология ва сув ресурсларини бошқаришга, қишлоқ жойларини ва экологик барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга эътибор қаратилди.

Халқаро ва минтақавий хавфсизликнинг айрим жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди. Терроризмга, уюшган жиноятчиликка ва наркотрафикка қарши курашиш, Афғонистондаги вазият, Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатда тинчлик ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёнларини қўллаб-қувватлаш ташаббуслари ҳақида сўз юритилди. Европа делегацияси Афғонистонни иқтисодий тиклашга қаратилган Ўзбекистон саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди. Икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг илдам ривожланаётгани халқаро ҳамжамият томонидан мамнуният билан қабул қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Европа парламенти ўртасидаги парламентлараро муносабатлар Ўзбекистон Республикаси ва Европа ҳамжамияти ҳамда унга аъзо давлатлар ўртасидаги шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимга мувофиқ ривожланаётгани таъкидланди. Парламент даражасидаги сиёсий мулоқот таъсис этилган Парламент ҳамкорлиги кўмитаси доирасида амалга оширилмоқда. Қўмита юқорида қайд этилган Битим 1999 йил 1 июлда кучга кирган вақтдан эътиборан фаолият кўрсатмоқда. Ушбу Қўмита Олий Мажлис ва Европа парламенти ҳамкорлигини, шунингдек умуман Ўзбекистон-Европа муносабатларини кучайтиришнинг муҳим механизми ҳисобланади.

Европа парламенти депутатларига Ўзбекистонда сиёсий ва иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ахборот тақдим этилди. Бугун Ўзбекистонда жамиятнинг барча соҳаларини эркинлаштириш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш борасида изчил ислоҳотлар ўтказилаётгани таъкидланди.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари, қонун ва кучли ижтимоий сиёсат устуворлиги таъминланмоқда, парламент ўрни ва аҳамияти тобора кучайиб бормоқда, фуқаролик жамиятининг ҳуқуқлари ва имкониятлари кенгайтирилмоқда. Бунда 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси асосида ислоҳотлар жараёнини ҳуқуқий таъминлашга, унинг қонунчилик базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Жумладан, Стратегия амалга оширилган биринчи йилнинг ўзида 20 дан ортиқ қонун қабул қилинди, давлат ҳокимияти ва фуқаролар ҳамкорлигининг янги самарали воситалари шакллантирилди.

Мажлисда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, вазмин, ўзаро самарали ва амалий ташқи сиёсат халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланаётгани алоҳида таъкидланди. Ўзбекистоннинг Европа иттифоқи билан фаол ривожланаётган ҳамкорлиги, шу жумладан парламентаризм соҳасидаги ҳамкорлиги томонларнинг алоқаларни чуқурлаштиришдан, амалий ҳамкорликни ривожлантиришдан ва турли соҳаларда тажриба алмашишдан ўзаро манфаатдорлигига асосланади.

Text to speech